Суд департаменти органларининг очиқ кенгайтирилган йиғилиши ҳар чорак якуни бўйича кейинги чоракнинг биринчи ойида Марказий аппаратда ҳамда ҳудудий бошқармаларда ўтказилади.

Ушбу очиқ кенгайтирилган йиғилишда тизим томонидан суд қарорларини ижро этиш ва судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича йил давомида амалга оширилган ишлар, фаолиятда учраётган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилиниб, келгусида уларни бартараф қилишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинади.

Ахборотдан фойдаланувчилар Суд департаментининг очиқ кенгайтирилган йиғилишларида иштирок этиши учун ҳар чорак охирги ойининг 15 санасига қадар бу ҳақда Суд департаментининг Марказий аппаратига ёки ҳудудий бошқармаларга ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг асл нусҳаси билан мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатда ахборотдан фойдаланувчи ўзини айнан қайси соҳа қизиқтириши, яъни қайси соҳа бўйича маълумот олиш истагини аниқ кўрсатиши лозим бўлади.

Мурожаат муаллифига очиқ кенгайтирилган йиғилишнинг ўтказиш вақти ва жойи ҳақидаги аниқ маълумот қонунда белгиланган муддатда юборилади.

Бунда ахборотдан фойдаланувчи очиқ кенгайтирилган йиғилиш белгиланган вақтдан камида бир соат олдин, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли билан ҳозир бўлиши ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши лозим бўлади.

 

2014-07-01