Мажбурий ижро соҳасидаги катта ислоҳотлар

2017-06-02

              Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва шу Фармон асосида “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

              Мазкур Фармонда 2017 – 2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизими, назорат қилиш ҳамда ҳисобга олиш механизмини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, ижро иши юритишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Хусусан, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон - торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Мажбурий ижро бюросига қуйидаги ваколатлар берилди. Жумладан,

              – энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, улар учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

              – етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш;

              – етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш;

              – энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш;

              – ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиш;

              – энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш кабилар киради.

              Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига – суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса – етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилади.

              Шунингдек, Фармон билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди. Унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчи – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

              Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида етказиб берилади.

              Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчилар тармоқдан мажбурий узилади, бунда қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида тўлов ундирилади.

              Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган комплекс чора – тадбирлар назарда тутилган.

              Хусусан, истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни берадиган ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинган Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизими ташкил этилади. Мазкур тизим истеъмолчиларга қарздорлик мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имкониятини беради.

              Айтиш лозимки, жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб – китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон - торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

              Шу муносабат билан Бош прокуратурага мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учунжавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

              Фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Қарорда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг 9 мингдан ортиқ штат тузилмаси ва фаолият ва хизмат ўташ бўйича бир неча Низомлари тасдиқланди.

              Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур Фармон ва Қарорда белгиланган чора – тадбирларнинг самарали амалга оширилишиэлектр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Валюта курслари

Давлат дастурлари